Мия инсон тана аъзолари ичида нафақат энг сирли, балки энг тоза органдир. Одам терисидан(одам танаси 1,3 дан 1,7 квадрат метргача бўлган юзани ташкил этувчи тери билан қопланган) фарқли равишда, мия ўз-ўзини тозалаш хусусиятига эга.

Озода, пухта тайёрланган тажрибали спортчи сингари, мия юқори даражадаги фаолликни ушлаб туради – у ўзини тозалайди. Унинг иш самарадорлигига салбий таъсир этиши мумкин бўлган ҳар қандай кичик ифлосланишни ҳам тезда чиқариб ташлайди.

Инсоннинг илк ёшлик даврида мия энг катта ҳажмга етади: бу даврда унда тахминан юз миллиард нейронлар(нерв ҳужайралари) мавжуд бўлади. Кўпчилик олимлар инсон мияси кунига ўн мингдан юз минггача нейрон йўқотади, деб ҳисоблайдилар. Нерв ҳужайралари қарилик, касаллик ёки жароҳат натижасида ўлиб борганда унинг атрофидаги ажойиб тозаловчилар – глиал ҳужайралар уларни тезда «сўриб олади». Айнан шу ҳужайралар соғлом нейронларнинг нормал фаолиятини таъминлаб беради. Тозалаш мияга юз миллиарддан ортиқ ҳужайраларда юз миллиард бўлак хотирани сақлашга ёрдам беради. Бу кўп жилдли энциклопедиядан 500 баробар кўпроқ хотира дегани.

1985 йилдан доктор Мериен Даймонд ва Арнолд Шайбеллар қуйидаги ғояни илгари сурдилар: ҳар бир нейронга қанчалик кўп глиал ҳужайра тўғри келса, мия шунчалик тоза, унинг фаолияти яхшироқ, натижада, инсоннинг ақлий қобилиятлари ҳам юқори бўлади. Даймонд ва Шайбел ўз назариясини 12 нафар киши, жумладан Алберт Эйнштейн мияси устидаги тажрибалари билан асослайдилар.

Алберт Эйнштейн(1879-1955) ни барча даврларнинг энг буюк олими дея аташ мумкин. У Пристонда юрак хуружидан жон бергандан сўнг патологоанотом доктор Томас Харви Пристон шифохонасида ўказилган ёриш пайтида унинг миясини ажратиб олиб илмий тадқиқотлар учун сақлаб қўяди.

Харви мияни Вичитадаги Канзас университетига олиб боради, сўнг ўз уйи – Вестон(Миссури штати)га олиб кетади. Айтишларича, аввалига у мияни совуткичда сақлайди. Кейинроқ эса уни бўлакларга ажратиб формалдегид билан тўлдирилган шиша идишларга жойлаб, картон қутиларда сақлаган экан.

Ёришдан 30 йил зиёдроқ вақт ўтиб, 1979 йилда Даймонд Харви билан богланиб, Эйнштейн мияси намуналарини ўрганиш учун юборишни сўрайди. Ва ниҳоят узоқ кутишлардан сўнг 1982 йилда Даймонд уларни қўлга киритади. пластик идишларга ораста жойланган мия бўлаклари жуда яхши ҳолатда бўлиб, тадқиқотлар учун тайёр эди.

Даймонд ва Шайбел ўзларининг глиал ҳужайралар ва уларнинг фикрлаш самарадорлиги билан боғлиқлиги ҳақидаги ғояларини 1985-йилда «Олим мияси: Алберт Эйнштейн» номли мақолада ёритиб чиқадилар.

Улар Эйнштейн миясидаги глиал ҳужайраларнинг нейронларга нисбатини санаб чиқиб, натижаларни 11 нафар ўртача ақлий даражага эга бўлган ўрта ёшдаги кишилар мияси билан солиштирдилар. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, Эйнштейн чап мия шари соҳаларининг бирида бир дона нейронга бошқа иштирокчиларнинг ҳар биридагидан 73% кўпроқ глиал ҳужайралар тўғри келган. Улар айнан шу далил – буюк олимнинг юқори интеллект даражаси билан боғлиқ деган хулосага келдилар.

Аммо танқидчилар жим туришмади. Уларнинг кўпчилиги тадқиқотчилар глиал ҳужайраларни ақлий даража билан боғлаб хатога йўл қўйган, деган фикрни билдирдилар. Танқидчилар нейронлар сони ҳамда сифати ва киши интеллекти ўртасидаги аниқ сабаб-натижавий боғлиқликни фан ҳали аниқламаганини айтдилар. Бошқалар эса бор-йўғи 12 нафар мисолда аниқ хулоса қилиб бўлмайди дедилар. Бундан ташқари одамлар шунчалик бир-биридан фарқ қилганида улар миясидаги глиал ҳужайралар ва нейронлар сони нима учун фарқ қилмаслиги керак?

Учинчилар эса, бундай фарқ хеч нарсани англатмаслигини баён қилдилар.

Танқидчиларнинг фикрича, айрим далиллар шуни кўрсатадики, мия қариган сайин ундаги тозалаш ишлари кучайиб, глиал ҳужайралар ҳам ортиб боради. Айтиш жоизки, Эйнштейн ўлганида 76 ёшда эди ва ундаги глиал ҳужайралар сони ҳам юқори бўлган. Балки ёш Эйнштейн мияси устидаги тадқиқотлар бутунлай бошқа натижаларни берган бўларди.

Бирмунча шавқатсиз танқидчилар тадқиқотни қўпол ва илмий қийматга эга эмас деб топдилар. Айримлар эса Эйнштейннинг миясини ўз холига қўйишни буюрдилар.

Бунинг устига мунозаралар пайтида Эйнштейннинг оиласи олимнинг миясини олишга, сақлашга ва тадқиқотлар ўтказишга хеч қачон рухсат бермагани маълум бўлди. Бу ҳолат нафақат Даймонд ва Шайбелни, балки Харвини ҳам ноқулай аҳволга солиб қўйди. Олимнинг оиласи хоҳишига кўра Харви Эйнштейн миясининг бошқа намуналарини ҳам янада жиддийроқ тадқиқотчилар фойдаланиши учун тақдим қилди.

Глиал ҳужайраларнинг роли «мияни ювиш» атамасига янги маъно беради. Буни қарангки, ўлимидан 40 йил ўтиб ҳам Алберт Эйнштейндан ўрганиш мумкин.

Эйнштейн ва телепатия.

Алберт Эйнштейн телепатик мулоқот мавжуд деб ҳисоблаган. У ҳатто бу жараённинг математик формуласини ҳам ишлаб чиққан. Олим телепатик сигналнинг интенсивлиги сигнал юбораётган ва қабул қилаётганлар ўртасидаги масофага боғлиқ эканини таъкидлаган. Унинг айтишича буни радио ва телевизион сигналлар мисолида кўриш мумкин.

Миянинг беш қисми.

Доктор Филип Уайтфилднинг айтишича ҳар бир яримшарнинг беш қисми – олд-пешона, пешона, чакка, энса ва тепа қисмлар уларни ўраб турган 5та суяк номи билан аталган.

Мия ранги.

Мия кулранг деб ҳисобланади, шунинг учун ҳам уни кулранг модда дейишади. Аммо киши бу аъзони илк бор кўрганида аслида унинг кулранг эмаслигидан ажабланади. Уни ҳаворанг, оч жигарранг, пушти ва ҳатто яшил дея тарифлайдилар.

Ушлаб кўрганда…

Ушлаб кўрганда мия қандай? Айримлар уни зич, бошқалар эса юмшоқ дейдилар. Икковлари ҳам ҳақлар: ёш одамнинг мияси қаттиқроқ бўлади, қариганда эса юмшоқ бўлиб қолади. Кройцфелд-Якоба(гупкали энцефалопатия) каби касалликлар мияни юмшоқ қилиб қўйиши мумкин. «Губкали» сўзи мия ҳақиқатдан ҳам губкага ўхшаб қолишини билдиради.

Инсон мияси – фақат фактлар.

Инсон миясининг ўртача ўлчами 20×20×15 см. Янги туғилган чақалоқ мияси 350 грни ташкил қилади. Яхши ривожланган ёш аёлнинг мияси 1200 1300 гр, ёш эркакники эса 1300-1400 грни ташкил этади. Шу билан бирга бу орган 100 миллиард нейронлар ва улар фаолиятини таъминловчи ҳужайралардан иборат.

20 ёшдан 60 ёшгача биз йилига 1-3 гр мия тўқмасини йўқотамиз. 60 ёшдан сўнг ёқотиш 3-4 грни ташкил этади. Қариганимиз сари кўпроқ мия тўқимасини йўқотиб борамиз.

Ҳар куни қанча нейрон йўқотамиз?

ХХ асрнинг сўнгги 10 йиллигида одам кунига 100 минг нейрон йўқотади деб саналарди. Аммо, доктор Ларри Сквайрнинг айтишича, бу фикр нейробиологиядаги «энг ишонтирилган афсоналардан бири».

Биз бир кунда қанча нейрон йўқотамиз? Сквайрнинг сўзларига кўра, мия ҳақиқатдан ҳам ҳар куни маълум миқдорда ҳужайралар йўқотади, аммо бунчалик кўп эмас. Унинг айтишича, ўлаётган нейронлар сонини аниқ санаш имконсиз. Буни фақат мияни микроскоп ёрдамида кузатган ҳолда аниқлаш мумкин. Бунинг устига лабаратория шароитида мия тўқимаси сақланувчи модда мияни буриштириб қўяди.

Миянинг адаптив имкониятлари.

Миядаги туташмалар ташқи омиллар таъсирида ҳосил бўлади(айниқса инсон ҳаётининг илк 3 йилида). Боланинг ёмон ёки яхши тажрибаси, миядаги туташмалар ва нерв системасига таъсир қилади.

Бу бизга қаердан маълум? Организмдаги антистрессор реакциялар устидаги тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ташқи омиллар бола мияси шаклланишига бевосита таъсир қиларкан. Шундай антистрессор тизимлардан бири бола жисмоний ёки эмоционал жароҳат олганида ишга тушади. Бу система стероид гормони кортизолнинг ишлаб чиқарилишига таъсир қилади. Юқори миқдордаги кортизол миянинг маълум ҳудудларида ҳужайраларнинг ўлиши ва улар орасидаги туташмаларнинг заифлашувига олиб келади. Натижада ўрганиш ва эслаб қолишда муҳим бўлган мия соҳасининг кичрайиши содир бўлади. Бундан келиб чиқадики, жисмоний ва руҳий зўриқиш, ҳамда ўқиб-ўрганиш қобилияти ўзаро боғлиқдир.

Бироқ Яратувчи ушбу салбий таъсирларни юмшатиш йўлини кўрсатиб кўйган: бу болаларни қўллаб-қувватловчи ота-оналаридир. Болалар сўлагидаги кортизол миқдори шуни кўрсатдики, меҳр-муҳаббат қуршовидаги болалар стрессга камроқ бериладилар. Ота-она билан кучли руҳий алоқада бўлган чақалоқларда кортизол миқдори камроқ бўлади.

Ижобий тажриба ва меҳр боланинг келажагига ижобий, салбий кечинмалар эса тўғридан-тўғри салбий таъсир кўрсатади. Эътибордан четда бўлган ёки ота-онаси воз кечган болалар нафақат таълимда қийналадилар, балки уларда ҳамдардлик ва садоқат ҳисси бўлмайди, улар ўз туйғуларини бировга оча олмайдилар. Юқори миқдордаги кортизол ўқиб-ўрганиш ҳамда қийинчиликларга бардошли бўлиш қобилиятининг пасайиши билан боғлиқ. Ҳаётнинг илк босқичларидаги соғлом алоқалар келажакга атроф-олам билан муносабатга киришишда асос бўлади.

Ижобий тажриба ва эътибор нима дегани? Бола ўз уйида катталар билан илиқ руҳий муносабатлар ва ривожланишида ёшига мос рағбатга муҳтождир.