Картинки по запросу кора мозга

Маълумки, бизнинг шахсиятимиз шак-шубҳасиз миямизнинг иш фаолиятига боғлиқ. Яъни ҳар бир инсон бутун умри давомида мияси ишлаши орқалигина ўз шахсиятини намоён қилади. Ҳаттоки, мия тузилиши инсон хулқи ва феъл-атвори ҳақида маълумот бера олиши мумкин.

«Social Cognitive and Affective Neuroscience» журналида чоп этилган тадқиқот асносида 500дан ортиқ одам миясининг сканерлаш орқали олинган натижалари Буюк Британия, АҚШ ва Bталиялик халқаро олимлар гуруҳи томонидан ўрганиб чиқилди. Хусусан, олимлар асосан бош мия пўстлоғи шаклининг хусусиятларига эътибор қаратди – уларни бош мия пўстлоғи қалинлиги ва бурмалар сони қизиқтирди. Шундан сўнг, улар олинган сканер тасвирларини «катта бешлик»нинг ўз сифатларини намоён қилиш даражасини аниқлаш учун ўтказилган тест натижалари билан таққослашди. Психологларнинг фикрича, инсон шахсияти  «катта бешлик» номли бешта «хусусият»га ажратилади. Бу хусусиятлар: нейротизм, экстраверсия, хайрихоҳлик, виждонлилик ва тажрибага очиқлик.

«Инсон мияси тараққиёти натижасида шундай шаклланадики, у пўстлоғи қалинлиги ҳисобига ўз ҳажми ва эгатлари сонини ошириб бора олади. Бу гўёки резинани тортишни эслатади: резина катталашиб, шу билан бирга юпқалашиб боради», – дея тушунтиради Кембридж университети доктори Лука Пассамонти.

Профессор Антонио Терраччианонинг таъкидлашича, мия пўстлоғининг чўзилиши – мия тараққиётнинг асосий механизми бўлиб, у мияга тез катталашиш ва ўзидан анча секин ўсувчи бош мия суяги ичига сиғиш имконини беради.

Шуниси қизиқарлики, юқоридаги жараёнлар инсон ҳаётининг барча даврларида – она қорнида бўлганида ҳам, чақалоқликда, болаликда, вояга етганда ва қариликда ҳам содир бўлади: пўстлоқ юпқалашиб, мия ҳажми ва ундаги эгатлар сони ортиб боради.

Бундан ташқари улғайган сари «нейротизм» ўзини камроқ намоён қила бошлайди: биз анча босиқ бўлиб борамиз. Бир вақтнинг ўзида биз очиқкўнгил ва ҳалол, масъулиятли ва келишувчан бўлиб борамиз(хеч бўлмаса ташқаридан қараганда).

Тажрибада 22ёшдан – 36 ёшгача бўлган психоневрологик ва бошқа жиддий касалликларга чалинган кўнгилли беморлар қатнашдилар. Тадқиқотчиларнинг аниқлашича, нейротизмнинг юқори даражаси психоневрологик касалликларнинг ривожланишига олиб келиши мумкин экан. Бунинг сабаби – пўстлоқнинг қалинлашиши, мия ҳажми ва пўстлоқнинг олд-пешона ҳамда чакка соҳаларида бурмалар сонининг камайиши билан боғлиқ.

Аксинча, очиқлик, қизиқувчанлик, ижодга ва барча янги нарсаларга қизиқиш – пўстлоқнинг юпқалашиб бориши ва олд-пешона(префрантал) соҳасида мия бурмаларининг ортиши билан боғлиқ.

«Албатта, бизни – атрофимиздаги муҳит ҳамда тажрибамиз шакллантиради, аммо биз юқорида кўриб чиққан мия структурасидаги шахснинг хусусиятларига бевосита таъсир этувчи фарқлар генетика ҳам муҳим роль ўйнашининг яққол мисолидир. Яна бир исбот : эътибор берган бўлсангиз кичик ёшдаги болалар ва чақалоқларда ҳам ўзига хос характер жиҳатлари намоён бўлиб, бу хусусиятлар катта бўлганида ҳам кузатилади.» – дейди Римдаги Тор Вергата университети профессори Николя Тоски.

Кишилар характерлари турли туман бўлганидек, уларнинг мия структуралари ҳам тубдан фарқ қилади. Бундан келиб чиқадики, психоневрологик касалликлар билан оғриган беморларда бундай фарқ янада чуқурроқ намоён бўлиши мумкин.

Доктор Пассамонтининг таъкидлашича, мия структураси ва шахснинг хусусиятлари ўртасидаги боғлиқликнинг аниқланиши – мия морфологияси ҳамда хулқ атвор, когнитив касалликлар ўртасидаги боғлиқликни англаш сари муҳим қадам. Шу билан бирга психоневрологик беморлар миясининг соғлом одамникидан фарқини аниқлаш учун, аввал соғлом кишилар мия структураси ва функцияларини чуқурроқ ўрганиш лозим.

Атамалар:

Нейротизм-нерв системасининг хусусиятига кўра, инсоннинг ўз фаолиятини, асаб тонусини бошқаришидан иборат психо-физиологик жиҳат. Нейротизм (ҳиссий беқарорлик – хавотирланувчи, ташвишланувчи, ташқи воқеа-ҳодисаларга ўта тез тасирчан шахслар).