Дисморфофобия синдроми тушунчаси остида соҳта ёки асосланмаган, ошириб кўрсатилган жисмоний етишмовчилик тўғрисидаги хаста фикрлар тушунилади.​

Миядан кетмайдиган ўринсиз шубҳа, хавотир ва қўрқинчли фикрлар – дисморфофобия деб аталади.

Кўпчилигимиз ўз танамиздан унчалик мамнун эмасмиз. Масалан, бурун, қулоқ, кўкрак ёки ҳамма ҳам кўравермайдиган тана аъзоларидан. Бироқ ушбу норозилик касаллик даражасига етганда инсонлар билан нормал муносабатда бўлиш ва бахтни ҳис қилишга ҳалал беради, ўзига эътибор тортиб, кишини таъқиб қилади. Бу касаллик – дисморфофобиядир (ДМФ).

Бутунлай нормал кўринишдаги киши ўзининг тасаввуридаги жисмоний камчиликларидан ташвишга тушса – ДМФ пайдо бўлади. Ёки бунга ташқи кўринишдаги арзимаган камчиликларни бўрттириш ҳам сабаб бўлади.

Доктор Кетрин Филлипснинг фикрича ДМФ аввал тахмин қилинганидан кўра анча кенгроқ тарқалган. Гарчи шифокорлар ва жамоатчилик ҳанузгача бу ҳодисани жиддий ўрганиб чиқмадилар, ДМФ дан азият чекувчи беморлар сони анорекция, булимия ва невроз билан оғриган беморлар сонига тенглаштирилади. Тадқиқотлардан бири шуни кўрсатадики, кишиларнинг 70%и ўз тана аъзоларининг биронтасидан «норозилар»., 46%и бундан ҳавотирдалар, 28%ида эса «касалликнинг барча белгилари кузатилади».

ДМФ билан оғриган беморлар ўз тасаввурларидаги ҳаёлий камчиликларидан ниҳоятда уяладилар. Баъзан ҳавотир уларни таҳликага солганида бошқа ҳеч нарса ҳақида ўйлай олмасликларини айтадилар. Айримлар эса кўзгу олдидан ўз ҳаёлий нуқсонларини яна бир бор кўздан кечирмай ўта олмайдилар. Шундай кишилар ҳам борки, улар ўз нуқсонларини кўрмаслик учун кўзгуларни четлаб ўтадилар.

Афсуски бундай ҳолатда инсон ўз қадри ва ўзига бўлган ишончни йўқотади. Агар киши бирон тана аъзосини жуда ёмон кўрса, қолганларидан ҳам нафратланиши ҳеч гап эмас. ДМФ натижасидаги руҳий зўриқиш шунчалик жиддий бўлиши мумкинки, одам чуқур депрессия ҳолатига тушиб, хатто ўз жонига қасд қилиши мумкин.

Дўстлари ва оила аъзолари камчиликлари ҳаёлий эканига ишонтирсалар ҳам ДМФ беморлари ўз фикрида туриб олади. Бу фақат уларга эмас атрофдагиларга ҳам боғлиқ. ДМФдан азият чекувчи беморлар «атрофдагилар нуқсонли аъзоларига тўхтовсиз қарашлари»ни айтадилар. «Ўзларини қарамаётгандек кўрсатадилар» деб қўшиб ҳам қўядилар.

ДМФнинг кенгроқ тарқалган невроздан фарқи, ДМФ беморлари уларнинг ҳавотирлари ҳеч бўлмаганда «ғалати» эканини тушунадилар. Бундай ҳолларда беморлар асосан юздаги камчиликлар: ажин, доғлар, чандиқлар, кўриниб турувчи қон томирлари, терининг рангсизлиги ёки қизаришлар, терлаш сочларнинг сийраклиги ёки ўта қалинлиги, тананинг нопропорционал эканидан шикоят қиладилар. Ҳавотирнинг сабаби тананинг ҳар қандай қисми бўлиши мумкин.

Шуниси қизиқарлики, вақт ўтиши билан норозилик бир тана аъзосидан бошқасига ўтиши мумкин. Масалан 20 ёшда кишини бир «муаммо» қийнаган бўлса, 40 ёшда уни бутунлай бошқа тана қисми ташвишга солади.

Ғарбда ДМФ билан эркакларга қараганда аёллар кўпроқ оғрийдилар. Бу муаммо билан руҳшуносга мурожаат қилувчи ҳар эркакка 1,3 бемор аёл тўғри келади.

Филлипснинг фикрича, ДМФ кўпинча оилавий ва касбий қийинчиликлар билан боғлиқ. Кўпчилик беморлар ўзларидан уялиб одамлар кўзига кўринишдан қўрққанларидан, куннинг кўп қисмини уйда ўтказадилар. Айримлар умуман кўчага чиқмайдилар. Бир ҳодисада тасаввурдаги «юзнинг терлаши» туфайли ўсмир қиз тенгдошлари унга қарамасликлари учун мактабни ташлашга мажбур бўлади. Бошқа ҳолатда эса уйда ишловчи бир киши одамлар унинг «ҳунук танаси»ни кўрмасликлари учун кўчадаги даромадлироқ ишдан воз кечади.

ДМФ муаммолари турли шаклларда бўлиши мумкин. Бир аёл сочларини икки тарафдан идеал симметрик қилиш учун уларни кунига 8 соат кесган. Бошқаси эса тўхтовсиз равишда юзидан катталаштирувчи ойна ёрдамида ортиқча тук қидирган.

Айрим мутахассисларнинг фикрича, ДМФ беморларининг умумий белгилари мавжуд. Кимдир идеалга эришишни хоҳлайди, бошқаси эса ўзига нисбатан ниҳоятда талабчан, яна бири ўзига ишончсиз, таъсирчан ёки уятчан. Бошқа шифокорлар ДМФ авлоддан-авлодга ўтади деб ҳисоблайдилар.

Жанубий Каролиналик тадқиқотчиларнинг кузатувларига кўра ДМФ асосан социофобия (жамоатга қўшилишдан қўрқиш) билан оғрийдиган беморларнинг 11%ида, ваҳимали руҳий зўриқишдаги беморларнинг 2%ида учраган.

Бошқа бир тадқиқотда эса Филлипс беморларнинг 97%и терида санчиқлар сезишини баён қилади. Шу билан бирга беморлар кўпинча ҳақиқатдан ҳам нуқсонли эканликларига далил излайдилар.

Табиийки, бундай кишилар бир қатор кераксиз пластик жарроҳликларга тайёрлар. Кузатувларга кўра пластик жарроҳлик беморларининг ҳар 50 тадан 1 таси ДМФ билан оғриганлардир. Беморлар кўпинча электролиз ёки соч ва тери кўчириб ўтказишни сўраб дерматолог ва бошқа мутахассисларга мурожаат қиладилар. Бироқ Филлипснинг огоҳлантиришича ДМФ беморларининг нуқсони жисмоний эмас, балки руҳий бўлгани сабабли улар кўпинча даволаш натижасидан қониқмайдилар.

Филлипснинг сўзларига кўра руҳшунослар бу касалликни кам учратадилар, сабаби ДМФ беморлари дерматолог, умумий амалиёт шифокори ва пластик жарроҳлар қабулига кўпроқ борадилар.

Бироқ энг аввало бу беморлар айнан психотерапевтик ёрдамга муҳтожлар. Яхшиямки ДМФни психотерапия ҳамда мослашиш ва дори воситалари (антидепрессантлар) ёрдамида самарали даволаш мумкин.

Беморнинг қизиқиш ва интилишларига асосланган терапия кенг тарқалган бўлиб, бунда бемор ўз муаммолари ва уларни ечишдаги сай-ҳаракатларини белгилаб олади. Бир тадқиқотда айтилишича умумий депрессия ва ташвишланиш ҳолатининг пасайтирилиши ҳам жуда муҳим экан.

ДМФ турли ижтимоий гуруҳлар ва турли халқларда учрайди. ДМФ беморларининг 85%и турмуш қурмаганлардир. Кўпинча бу дарднинг илк белгилари ўсмирлик пайтларида пайдо бўлиб, кейинроқ – 30 ёшларда яққол намоён бўлади. Касаллик белгилари беморни бутун умр таъқиб қилиши, ёки даволаш натижасида йўқолиши мумкин.

ДМФнинг сабаби нимада?

Айрим мутахассисларнинг таҳминларига кўра ДМФ чуқур невроз, социофобия ёки депрессия билан боғлиқ бўлган мия фаолиятининг бузилиши натижасида юзага келади. Доктор Эрика Холландеранинг айтишича серотонин ҳамда дофамин ҳам бу дарднинг пайдо бўлиши билан боғлиқ экан.

Карен воқеаси.

Бундай қомат учун аёллар қотиллик қилишлари, эркаклар эса жон беришлари мумкин. У – Австралиянинг энг гўзал аёли.

Бироқ Карен ўзининг ҳунук эканига ишончи комил. У ўз товонларини жуда ҳунук деб ҳисоблайди, шунинг учун ҳам ҳатто ёзда ёпиқ оёқ кийимлар кийиб юради. У сузишни жуда яхши кўрсада, ҳовузларга боришдан бош тортади, ва ҳатто жинсий алоқа пайтида ҳам пайпоқларини ечмайди. У ҳеч кимга ўз товонларини кўрсатмайди. Кареннинг сўзларига кўра – «мен эсимни танибманки, товонларим жуда ҳунук бўлган». У модель ёки актриса бўлишни жуда истайди. Бироқ саҳнада ёки суратга тушиш пайтида одамлар унинг товонини кўриб қолишларидан қўрққанлиги сабабли кўплаб таклифларни раъд этади. Ҳозирда у котиба бўлиб бўлиб ишламоқда ва ДМФдан даволаниш курсини ўтамоқда.

Марго Ҳемингуэй воқеаси:ДМФ ва ўлим.

Шуниси ажабланарлики, ўз гўзаллиги билан машҳур кишилар ҳам ДМФдан четда қолмаганлар. Аксинча, уларда бу дард чуқурроқ бўлиши мумкин. Шундай ҳолатлар ҳам бўладики, мувақиятли модель ёки актёрлар ҳам таналарида бирон ҳаёлий нуқсон топиб, ўзларини бадбашара ҳисоблайдилар.

Марго Ҳемингуэйнинг ўлимидан сўнг шифокорлар сезмаган ДМФ депрессияни келтириб чиқарган ва ўз жонига қасд қилишгача олиб борган бўлиши мумкин деган хулосага келдилар. «Менга пасспортнинг кераги йўқ – менинг қошларим бор» – деб мақтанган Ҳемингуэй оғзи жуда ҳунук эканидан арз қилган. Марго келиб чиққан оилада руҳий касалликлар ва ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари учраган. У эпилепсия, дислекция, булимия, депрессия ва гиёҳвандликдан азият чеккан. Шунинг учун ҳам ўлимининг аниқ сабабини айтиш қийин.

Аёл кўзгуда пари ёки ялмоғизни кўриши мумкин. Бу фақат ўзига боғлиқ.