Молекуляр биолог Филипп Хайтович миянинг ривожланиши, неотенияси ва мослашувчанлик қобилияти ҳақида.

Инсон мияси – улкан, аммо ҳажм унчалик муҳим эмас. Миянинг ичида нима экани муҳимроқ. Миянинг ўсиш ва ривожланиш жараёнида нейрон туташмалар – нейронлар орасидаги алоқа вужудга келади, керакли алоқалар кучайиб, кераксизлари йўқолади. Аслида бу жараён ҳеч қачон тўхтамайди. Хатто қарияларда нейрон туташмаларда ўзгаришлар бўлиб туради. Шунинг учун ҳам масалан 90 ёшли киши янги сўзлар ўргана олади. Аммо асосий нейрон туташмалар инсон ҳаётининг илк 10 йилида ҳосил бўлади.

Инсон мияси ривожланиш натижасида янги имкониятларни шакллантириши мумкин. Бу савол анчадан бери олимларни қизиқтириб, турли фаразлар вужудга келган. Машҳур олим-тилшунос Ноам Хомский ва унинг касбдошлари илгари сурган фаразга кўра, мияда туғма мия модуллари мавжуд бўлиб, улар инсонга хос бўлган когнетив(ақлий-хиссий) функцияларга, масалан тилни ўзлаштириш каби кўникмаларга жавоб беради. Тилнинг мавжудлиги ва мулоқотнинг мураккаб механизмлари инсон учун жуда муҳим: барча замонавий технологиялар – биз маълумотларни авлоддан-авлодга етказиб бера олганимиз учунгина мавжуддир.

Табиийки, ушбу фараз олимларни қизиқтириб қўйди ва улар мияда биокимёвий даражадаги бундай модулларнинг мавжуд эканига далиллар излай бошладилар. Аммо топа олмадилар. Буни қарангки, инсон миясида янги функциялар пайдо бўлаверади, аммо бу функцияларга жавоб берувчи тизим йўқ. Аввалига бу ҳолат олимларни ҳайратга солди. Бошқа тарафдан қараганда эса инсон мияси жуда мослашувчан бўлиб, инсулътни бошидан кечирган қария ҳам маълум вақтдан сўнг йўқотилган қобилиятларнинг бир қисмини тиклай олади. Бунда миядаги зарар етган қисмларнинг функциясини соғлом қисмлар ўз зиммасига олади.

Миянинг мослашувчанлиги икки даражада мавжуд. Биринчиси бу, миямизнинг маълумотни қаъбул қилиш қобилиятидир. Масалан ҳашаротлар миясини олсак, уларнинг хулқ-атвори мия тизимида аниқ белгилаб қўйилган. Яъни, ҳар қандай ҳолатга улар маълум бир шаклда муносабат билдирадилар. Уларнинг хулқ-атворида ҳеч қандай мослашувчанлик мавжуд эмас, сабаби – хулқ-атвордаги барча инстинктлар мияда аниқ тизимга солинган. Инсоннинг хулқ-атвори эса мияда аниқ белгилаб қўйилмаган. Масалан сизга мушуклар ҳужум қилса, сиз аввалига чўчиб кетасиз, кейин эса бу шунчаки мушук эканини англагач сиздаги қўрқув йўқолади. Айнан шу инсон миясидаги мослашувчанлик қобилиятидир.

Мия мослашувчанлигининг кейинги даражаси – бу, нейрон туташмаларнинг мослашувчанлигидир. Инсультдан кейинги йўқотилган қобилиятларнинг тикланиши бунга мисол бўла олади. Янада аниқроқ мисоллар ҳам мавжуд. Масалан, болаларда кузатилувчи шундай касалликлар борки, бунда мияда аутоиммун реакция рўй бериб, тез-тез содир бўлувчи эпилепсия хуружларига(тутқаноқ), агар вақтида даволанмаса, ўлимга олиб келади.

Бу дардни даволашнинг ягона маълум усули – мия яримшарларидан бирини олиб ташлашдир.

Албатта, йўқотилган бутун-бир яримшарнинг ўрнини қоплаш учун бола миясига 1 йилдан ошиқроқ вақт талаб этилади. Буни қарангки, ушбу давр ичида барча қобилиятлар тикланиб, бундай одамнинг ярим мияси йўқ эканини ҳеч ким гумон ҳам қилмайди. Ушбу мисолдан нейрон туташмаларнинг мослашувчанлиги яққол кўриниб турибди: нейронларнинг зарар етган қисм функцияларини соғлом қисмлар ўз зиммасига олади.

Бу ҳолат маълум бўлгач олимлар тушундиларки, инсон миясида тилга жавоб берувчи маълум қисм ва тизимлар мавжуд эмас, сабаби, миянинг турли қисмлари турли функцияларни ўз зиммасига олиши мумкин. Бундан келиб чиқадики, маймун миясидаги маълум нейрон тизим қўл ҳаракатларига жавоб берса, инсонда у тилнинг ҳаракатланишига жавоб бериши мумкин. Шунинг учун ҳам биз маймунлар каби имо-ишоралар ўрнига нутқ орқали мулоқот қилиш имконига эгамиз.

Миянинг модулли тизими ғояси билан бир вақтда неотеник фараз ҳам юзага келди. Неотения – бу, вояга етган организмнинг бошқа турлардаги болаларга хос ривожланиш хусусиятларини ўзида сақлаб қолишидир. Масалан, аксолотли – личинкаларни эслатувчи жонзотлар бўлиб, айни вақтда улар вояга етган организмлардир.

Инсонга келсак – 100 йиллар олдин олимлар инсон мия чаноғи ва унинг шаклини ўрганишни хуш кўрардилар ва ажойиб ҳодисага дуч келдилар: вояга етган одамнинг мия чаноғи шимпанзе, горилла ёки бошқа одамсимон маймун боласининг мия чаноғига ўхшар экан. Маймуннинг мия чаноғи ҳаёти давомида ривожланиб боради, инсон мия чаноғининг шакли эса болалик давридагидек шаклида қолади. Эътибор берган бўлсангиз, шимпанзе кичиклик вақтида улар одамга кўпроқ ўхшайди. Вояга етган маймунда эса улкан жағ ва нисбатан кичик мия чаноғини кўрасиз.

Ушбу кузатувлардан сўнг 1970 йилларда машҳур эволюцион биолог Стивен Джей Гулд ўз фаразида – гап суякларда ҳам эмас, балки инсон мияси ҳеч қачон ўзининг инфантил хусусиятлар(илк ривожланиш давридаги хусусиятлар)ини йўқотмаслигида, деган ғояни илгари сурди. Шунинг учун ҳам биз ўқиб-ўрганиш имконига эгамиз, бизда улкан ижтимоий алоқалар мавжуд, биз қизиқувчанмиз. Биз гўёки бутун умримиз давомида бола бўлиб қоламиз.

Табиийки, инсон мияси бутунлай болаликдаги холатда қолмайди, аммо ривожланишдаги айрим жараёнлар ҳақиқатдан ҳам ниҳоятда секинлаштирилган. Масалан, нейрон туташмаларнинг шаклланиши катта муддат – 10-15 йилни ўз ичига олади. Бу эса одам ушбу узоқ муддат давомида психологик жиҳатдан вояга етмаган ҳисобланиб, мустақил бўла олмайди, дегани. Агарда жамоанинг бошқа аъзолари: ота-она ва қариндошлар бўлмаса, инсон бу даврда ҳаёт учун мустақил кураша олмайди.