Бундан 30 йил аввал одам мияси – ўзининг ривожланишини инсон вояга етгач тўхтатадиган орган деб саналар эди. Бироқ бизнинг нерв тўқималаримиз интеллект ва ташқи оламдаги ўзгаришларга жавоб берган ҳолда бутун умримиз давомида тараққий этиб боради.

Мия мутаносиблиги (пластичность мозга-мия мослашувчанлиги) инсонга ярим шари лат еган ёки бутунлай олиб ташланган ҳолатда ҳам билим олиш ва ўрганиш имконини беради. T&P (Temperament and personality) ​ бундай «нейромослашувчанлик» физиологик ва молекуляр даражада қандай ишлашини тушунтиради.

Миянинг ривожланиши у шаклланиб бўлгач қотиб қолмайди. Бугун биз нейрон туташмалар доимий равишда ҳосил бўлиши, йўқолиши ва шаклланишидан хабардормиз. Бу эса миямиздаги тараққиёт ва мослашиш хеч қачон тўхтамаслигини билдиради. Бу ҳолат – «нейронал мослашувчанлик» ёки ”нейромутаносиблик” деб аталади. Айнан у ақл, онгимиз ҳамда кўникмаларимизга атроф-оламдаги ўзгаришларга мослашиш имконини беради, ва айнан у инсоният интеллектуал тараққиётининг калитидир. Миямиз ҳужайралари орасида жажжи чақмоқчалар каби ёниб-ўчувчи электр импульслар билан тўла триллион туташмалар доимий равишда пайдо бўлади ва ҳукм суради. Ҳар бир ҳужайра ўз жойида. Ҳар бир ҳужайралараро-кўприк ўзининг мавжудлиги зарурияти юзасидан чуқур текширилган. Ҳеч нима тасодифий эмас. Айни вақтда ҳеч нима олдиндан режалаштирилмаган ҳам: ахир​ мия мутаносиблиги – мослашиш, ўз-ўзини яхшилаш ҳамда вазиятдан келиб чиқиб ривожланишдир.

Мослашувчанлик мияга ажойиб ўзгаришларни бошдан кечириш имконини беради. Масалан, бир яримшар иккинчиси ишламаган ҳолатда унинг функциясини ўз зиммасига олиши мумкин. Бундай ҳолат Джоди Миллер – эпилепсия(тутқаноқ) билан оғриган 3 яшар қизалоқ билан содир бўлган. Даволаш фойда бермагач қизнинг ўнг мия ярим шари пўстлоғи бутунлай олиб ташланиб, бўшлиқ орқа мия суюқлиги билан тўлдирилган. Чап мия ярим шари шу ондаёқ мавжуд ҳолатга мослаша бошлаган ва тананинг чап ярми бошқарувини ўз зиммасига олган. Буни қарангки, операциядан ўн кун ўтиб қизча касалхонани тарк этган: у юра оларди ва чап қўлини ишлата оларди. Джодининг фақат ярим мияси қолганига қарамай унинг ақлий, эмоционал ва жисмоний ривожланиши нуқсонларсиз кечган. Операцияни эслатиб турувчи ягона нарса – тана чап қисмининг енгил фалаж ҳолатидир, бироқ бу қизчанинг хореография машғулотларига қатнашишига тосқинлик қилолмади. 19 ёшида у мактабни аъло баҳолар билан битирди.

Буларнинг бари нейронларнинг ўзаро янги туташмалар ҳосил қилиш ва кераксиз бўлиб қолган эскиларини йўқотиш қобилияти туфайлидир. Миянинг бундай хусусиятлари негизида генлар ифодасига асосланган мураккаб ва ҳали ўрганилмаган молекуляр ҳодисалар ётади. Кутилмаган фикр янги синапс – нерв ҳужайралари орасида янги алоқа ҳудудининг пайдо бўлишига олиб келади. Янги маълумотни ўзлаштириш натижасида эса – янги ҳужайра туғилади. Уйқу – кераксиз аксонлар(нейронлар аро алоқани таъминловчи узун туташмалар)ни ўчириш ва зарурларини ўстиришга имкон яратади.

Агарда тўқимага зарар етса, мия бундан хабар топади. Масалан, аввал ёруғликни аниқлаган ҳужайраларнинг бир қисми, эндиликда овозни таҳлил қилиши мумкин. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, бизнинг миямизнинг информацияга эҳтиёжи юқори бўлиб, ундаги нейронлар ҳар келиб тушган ҳар қандай маълумотни таҳлил қилишга тайёр. Ҳар қайси ҳужайра ҳар қандай турдаги маълумот билан ишлашга қодир. Руҳий жараёнлар ҳужайралар танасидаги молекуляр жараёнларни қўзғатиб юборади. Минглаб импульслар нейроннинг тезкор жавоби учун зарур бўлган молекулалар ишлаб чиқарилишини назорат қилади. Ушбу жараён содир бўлаётган генетик манзара фонида – нерв ҳужайрасидаги физик ўзгаришлар кўп қиррали ва ниҳоятда мураккаб кўринади.

«Миянинг ривожланиш жараёни керакли ерларда миллионлаб нейронлар туғилишига имкон яратади. Кейин эса ҳар бир ҳужайранинг шаклланиши ва бошқа ҳужайралар билан уникал алоқасига кўмаклашган ҳолда уларга кўрсатма беради»,- дейди Стенфорд университети нейробиолог олими Сюзен МакКоннел. «Буни театрдаги спектакльга қиёслаш мумкин: ундаги воқеалар ривожи – нерв коди ёзган сценарий асосида авж олади, бироқ унда на режиссёр, на продюсер бор, актёрлар эса саҳнага чиққунга қадар бирон марта ўзаро гаплашмаганлар. Буларга қарамай спектакль давом этмоқда. Мен учун бу – ҳақиқий мўъжиза».

Миянинг мослашувчанлиги нафақат жароҳат ва касаллик натижасидаги экстремал ҳолатларда намоён бўлади. Масалан хотира ва англаш қобилиятларининг ривожланиши ҳам мослашувчанлик натижасидир. Тадқиқотларга кўра ҳар қандай янги билим – хоҳ у чет тилини ўрганиш ёки янги парҳезга мослашиш бўлсин, – синапсларни кучайтирар экан. Бунда декларатив хотира(масалан фактларни эслаб қолиш) ва процессуал хотира(масалан велосипед ҳайдашга оид моторик билимларни эслаб қолиш) нейромослашувчанликнинг бизга маълум бўлган икки тури билан боғлиқ.

Тузилмавий нейромутаносиблик: доимий ривожланиш.

Тузилмавий нейромослашувчанлик – декларатив хотира билан боғлиқдир. Ҳар сафар бизга маълум бўлган маълумотга дуч келар эканмиз нерв ҳужайраларимиз орасидаги синапслар ўзгаради: барқарорлашади, кучаяди ёки йўқолади. Бу ҳодиса инсон бош миясида – мияча, бодомсимон тана, гиппокамп ва мия пўстлоғида ҳар сония содир бўлади. нейронлар қобиғидаги информацияни қабул қилувчилар – дендритик нишлар кўпроқ маълумотни қабул қилиш учун ўсиб боради. Масалан жараён бир ҳужайрада бошланса туташмалар шу заҳотиёқ унга эргашадилар. Айрим синапсларда мавжуд бўлган постсинаптик зичликларда 1000 дан зиёд оқсиллар ишлаб чиқарилиб, улар информация алмашинувини кимёвий даражада назорат қилади. Синапслар бўйлаб айланиб юрувчи кўп сонли турли ҳужайралар уларнинг бўлакланиб кетмаслигини таъминлайди. Бу жараёнлар узлуксиз равишда давом этади. Шундай экан кимёвий нуқтаи-назардан қараганда бизнинг миямиз – транспорт воситалари билан йўғрилган, доимий ҳаракатда бўлган мегаполисга ўхшайди.

Таълим нейромутаносиблиги: миячадаги учқунлар.

Таълим нейромослашунчанлиги тузилмавийдан фарқли равишда вақти-вақти билан намоён бўлади. У мувозанат ҳисси ҳамда моторикага жавоб берувчи процессуал хотира билан боғлиқ. Биз узоқ танаффусдан сўнг велосипедга минганимизда ёки сузишни ўрганаётганимизда миямиз бўйлаб йўғрилган йўсинсимон толалар қайта тикланади ёки илк бор пайдо бўлади: биринчиси – Пуркине йирик ҳужайралари орасида бир қават тўқимада, иккинчиси – зарра-ҳужайралар орасида. Кўпчилик ҳужайралар бир вақтнинг ўзида «хор» (жўр) бўлиб жой алмашинадилар, шунинг учун ҳам биз бирон нарсани атайин эсламай туриб велосипедни жойидан қўзғата ёки сув юзасида тура оламиз.

Моторик нейромослашувчанлик узоқ вақтли потенциация – узоқ вақтга сақлаб қолиш имконини берувчи нейронлар орасидаги ўтказувчи йўл синаптик узатишларнинг кучайиши билан яқиндан боғлиқдир. Бугун олимлар узоқ вақтли потенциация бу – таълимнинг ҳужайравий меҳанизмлари ва хотира асосида ётади деб ҳисобламоқдалар. Айнан у кўплаб турларни тараққиёт жараёнларида атроф-оламдаги ўзгаришларга мослашиш қобилияти билан таъминлаган: уйқуда шохдан й​и​қилмаслик, музлаган ерни ковлаш, қуёшли кунда йиртқич қушлар соясини сезиш.

Мия сурати ҳам генетик код сурати каби ниҳоятда мураккабдир: у ҳақда қанча кўп билсак, аслида жуда кам билишимизни янада теран англаб борамиз. Мутаносиблик мияга мослашиш ва ривожланиш, ўз тузилмасини ўзгартириш, ҳар қандай ёшда ўз функцияларини яхшилаш ва касалликдан кейин унинг оқибатлари билан курашиш имконини беради. Бу – биз эндигина ўрганаётган турли-туман механизмларнинг биргаликдаги ҳамкорлиги натижасидир.